Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси “Давлат тузилиши ва бошқарувининг ҳуқуқий асослари” кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, доцент Ҳайитов Хушвақт Сафарбоевич иштирокида “Конституция –халқ фаровонлиги асоси” ҳамда “Сайлов ва ёшлар” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатини академик лицей ижрочи директори А.И.Қудратов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда республикамизда ёшларга, таълимга қаратилаётган ислоҳатлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Шундан сўнг, юридик фанлар доктори, доцент Ҳайитов Хушвақт Сафарбоевич сўзга чиқиб, қўйидагиларни маъруза қилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзининг халқчиллиги, демократик тамойилларга мос келиши, халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келиши билан ажралиб туради. Бош Қомусимизда фуқароларимизнинг, шу жумладан, ёшларимизнинг қуйидаги ҳуқуқ ва эркинликлари мавжуд: Табиий ҳуқуқлар, сиёсий ҳуқуқлар, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар, шунингдек, бурч ва мажбуриятлари аниқ-равшан белгилаб берилган. Конституциямизнинг марказида шубҳасиз, Шахс-Давлат-Жамият ўзаро алоқадорлиги ва уларнинг ҳуқуқий асослари ўрин эгаллаган.

Ҳайитов Хушвақт Сафарбоевич ўз сўзида, барча соҳаларда илғор тараққиёт йўлидан бораётган ва юксак марраларни қўяётган юртимиз учун ҳар томонлама етук кадрлар керак. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таълим-тарбияга, ўқувчи ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг билимдон, малакали кадрлар бўлиб етишишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар алоҳида таъкидлаб ўтди. “Янги Ўзбекистон” нинг бунёдкори ҳеч шубҳасиз, жамиятнинг “олтин фонди” ҳисобланган бугунги кун ёшлари, яъни сизсиз дея таъкидлади.

Шунингдек, жорий йилнинг 24 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар бўлиб ўтади. Биламизки сайлов-демократиянинг кўзгусидир. Ўзбекистон Республикасининг кейинги тараққиёти, истиқболи бевосита шу сайловларга боғлиқ. Ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқаро ўзининг сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, сайловларда иштирок этиши, бу шубҳасиз жонажон Ватани тақдирига бефарқ эмаслиги, аксинча дахлдорлиги намунаси ҳисобланади. Бу йилги сайлов жараёнларини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси асосида: участка сайлов комиссияси, округ сайлов комиссияси ва марказий сайлов комиссияси тартибида ташкиллаштирилаётган бўлиб, жумладан, Қашқадарё вилоятида 1001 та участка сайлов комиссияси ташкил этилганлигини айтиб ўтди.

Дунёда ривожланган, тараққий этган мамлакатлар кўп. Уларнинг ривожланиш тарихига эътибор қаратсак, тараққий йўллари турли хил. Қайси мамлакатда “Smart Government” “Ақлли бошқарув” тўғри йўлга қўйилган бўлса, ҳеч шубҳасиз, ўша мамлакат тараққиётга эришишини тушунтириб берди.

Ўқувчи- ёшларга қарата, сизларнинг бугунги илм-фан сирларини чуқур эгаллашингиз, хорижий тилларни мукаммал ўрганишингиз, замонавий ахборот технологияларини ўзлаштиришингиз, мамлакатимиз тараққиёти учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Энг муҳим жиҳати шундан иборатки, ўз олдингиздаги мақсадни тўғри ва улкан қўйишингиздир. Конституция ва қонунларини чуқур ўрганиш, уларга ҳурмат ҳамда устозлар ўгити орқали ўз мақсадингизга эришасиз. Албатта, “Янги Ўзбекистон” нинг келажаги сизларга боғлиқ дея таъкидлади.

Давра суҳбати сўнгида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Тадбир савол-жавобларга бой ва қизиқарли ўтди.