САМАРАЛИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК – ФАРОВОН ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЭНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи халқимиз ҳамда дунё жамоатчилиги томонидан жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Мазкур мақолада энг долзарб мавзу — тинчлик-тотувликни, тараққиёт йўлида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича таҳлил этилган. Айниқса, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келганлиги – бир тарихий давр ниҳоясига етаётганлиги ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўрни, хусусан, ушбу тузилманинг Самарқандда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммити аҳамияти, Ўзбекистон ташаббусларининг мазмун-моҳияти теран очиб берилган. Шуниси эътиборлики, ташкилотга раислик дунёга очилаётган Ўзбекистонга ўзини янги форматда намоён этиш имкониятини берди. Хусусан, Ўзбекистон нафақат кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки ҳар бир давлат билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг қамровлишериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш тажрибасига эга бўлди.
Шунингдек, бу галги анжуманда ташкилотнинг саккиз аъзоси – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикасидан ташқари, кузатувчи сифатида Беларусь Республикаси, Туркманистон, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари қатнашмоқда.
Бу ташкилот маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилмадир. Тарихан қисқа даврда ШҲТ катта йўлни босиб ўтиб, глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Бугун ўтказилаётган форум қўшни давлатлар билан шундай таҳликали шароитда якдиллик ва бир-бири билан мувофиқлаштирилган ҳаракатларни олиб боришининг аҳамияти кескин ошади. Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Қолаверса, мақолада ҳақли равишда келтирилганидек, Ўзбекистон ташаббусларининг яна бир аҳамиятли томони бор. Яъни «…Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.
Мазкур саммит Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ўз аксини топди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.
Президентимиз қайд этганларидек, «Самарқанд руҳи» бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган «Шанхай руҳи»ни уйғун равишда тўлдириб туради. Шу сабабдан Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз – ташкилотнинг таркиби кенгайиб, унинг келажак кун тартиби шаклланади ва бунда чуқур рамзий маъно мужассам».
Биз янги давр, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренесанс даврида яшаяпмиз. Бугунги шиддатли замонда ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг ўзини намоён этишга интилиши, дунё саҳнидаги янгиланишларда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиши табиий жараёндир. Шундай экан, халқнинг тарихи ва келажаги олдидаги масъулиятни ўз елкасига ола биладиган, жасур ва матонатли, ўз Ватанига меҳр-у муҳаббати қалбида жўш уриб турадиган лидер керак бўлади. Янги Ўзбекистонимиз эгаллаётган юксак марраларнинг асоси ҳам, халқимизнинг бахту иқболи ҳам – аслида мана шунда!
Акмалжон Қудратов,
Қарши муҳадислик-иқтисодиёт институти
академик лицейи ижрочи директори